Масофавий таълим тизими такомиллашувида яна бир қадам

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали Умумтаълим фанлари кафедраси ташаббуси билан “Олий таълимда масофавий ўқитиш: хорижий тажриба ва усуллар (Тошкентдаги Вебстер университети мисолида)” мавзусида конференция ўтказилди.

Халқаро нуфузга эга таълим соҳаси мутахассислари томонидан масофавий таълимнинг ташкил этилиши жараёни, масофавий ўқитиш тажрибаси, кредит соатлари тизими бўйича маърузалари режалаштирилган ушбу конференцияда Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ва Тошкентдаги халқаро Вебстер университетидан маърузачилар ўз тақдимотлари билан иштирок этди.

Конференция инглиз, ўзбек ва рус тилларида олиб борилди (синхрон таржима орқали).

Тошкентдаги Вебстер университети ректори профессор Джон Граинжер “Олий таълимни халқаролаштириш – Ўзбекистондаги Aмерика университети қандай кўринишга эга: Тошкентдаги Вебстер университети бир йил” мавзусида тақдимот қилди. ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали директори ўринбосари Ихтиёр Джураевнинг “Ўзбекистонда масофавий таълимни жорий этиш масалалари: Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиали мисолида” мавзусидаги маърузаси  тингланди.

“World Classroomdagi Вебстер MBA дастури” мавзусидаги маъруза Тошкентдаги Вебстер университети проректори доктор Слободан Песич томонидан конференция иштирокчиларига тақдим қилинди. Сўнгра Тошкентдаги Вебстер университети профессори доктор Гордана Песакович “Масофавий ўқитишнинг энг яхши амалиётлари” мавзусида тақдимот қилди.

Академик алмашинувга хизмат қилувчи таълим беришнинг модул тизими асосида ўқув жараёни ташкил этилган  Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали билан кредит тизимидаги тажриба билан ҳам ўртоқлашилди. “Кредит тизими – магистратура ва бакалавр дастурлари учун” мавзусида Тошкентдаги Вебстер университети директори ўринбосари Магги Данкерт тақдимотини намойиш қилинди. Унда АҚШ таълим модели,  кредит соатлари, бакалавр ва магистратура таълим дастурларининг ўзига хос хусусиятлари каби мавзулар ўрин олди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан маърузачиларга мурожаат қилди. Конференциянинг савол-жавоб қисми ҳам қизғин кечди.

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали Умумтаълим фанлари кафедраси ташаббуси билан ташкиллаштирилган “Олий таълимда масофавий ўқитиш: хорижий тажриба ва усуллар (Тошкентдаги Вебстер университети мисолида)” мавзусидаги конференция самарали ўтди. Маърузачилар ва конференцияда фаол қатнашган иштирокчилар сертификат билан тақдирланди. Конференция ўз ишини мувафаққиятли якунлади.

Улашиш:

Тег: Янгиликлар