Меҳрибонлик азалий қадрият...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларидан бирида “... асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдирдеб айтиб ўтган эдилар.

Ҳақиқатда ҳам ўзбек халқига меҳр-мурувват, оқибатлилик оиладан сингдирилиб борилади. Ислом динида ҳам жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлиш эътироф этилади. Жамиятимизда яшаб келаётган ҳар бир фуқаро дини ва эътиқодидан қатъий назар ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир. Мисол тариқасида,  меҳр-мурувватга муҳтож етим болаларга ҳам эътибор – халқимиз онгига сингдириб келинган қадриятлардандир. Афсуски, орамизда ота-онаси вафот этиб кетган ҳақиқий етимлар, маълум бир оилавий сабаблар туфайли  меҳрибонлик уйига тушган тирик етимлар ҳам бор.

Меҳрибонлик уйлари фаолиятини такомиллаштириш, ота-оналар қаровисиз қолган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитациясини ва ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмалари ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш юзасидан қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган ва бугунги кунда шу ҳужжатлар ҳамда низомлар асосида самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Халқимизда етим қолган болаларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг тарбия топишида қўлдан келганча мурувват ва маслаҳат бериб бориш ҳамиша таъкидланиб келинади. Жумладан, Қуръони Каримнинг Анъом сураси 152-оятида шундай дейилган: “Етимнинг молига то у вояга етгунича энг чиройли йўллар билангина яқинлашинг!”

Ушбу оятда етимга валий бўлган кишиларга қарата: етимнинг молини зое қилманглар, уни яхшилик йўли билан тасарруф қилинглар, унинг молини кўпайтириб, етимнинг тарбияси, таълими ва таом-либоси учун сарфланглар! –деб таъкидланган. Албатта, бу борада давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар кўлами кенг. Айниқса, қатор ташкилотларнинг хамкорликда  ташкил этилаётган хайрия тадбирларининг ўтказилиши ҳам аҳамиятга эга.

ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали томонидан ҳам ана шундай тадбир ўтказилиши режалаштирилиб, 2020 йилнинг 8 октябрь санасида Тошкент шаҳрида Яшнобод тумани, Лисунов кўчаси, 2-уйда жойлашган 30-сонли Меҳрибонлик уйига ташриф уюштирилди. Филиалдан ташриф буюрганларни Меҳрибонлик уйи директори Усманходжаева Феруза Сабитовна кутиб олиб, ўз тарбияланувчилари сари етакладилар.  Ташриф чоғида филиалнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига жамиятимиздаги олиб борилаётган ислоҳотлар, муҳим янгиликлари, қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти хусусида қизиқарли давра суҳбатини ташкиллаштирдилар. Суҳбат чоғида болажонларга Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг БМТ 75-сессиясида сўзлаган нутқлари моҳияти ҳамда октябрь ойида кенг нишонланадиган 21 октябрь санаси “збек тилига Давлат тили мақоми берилиши тўғрисидаги қонуннинг 31 йиллиги хусусида тушунчалар берилди ҳамда тарбияланувчилар билан қизиқарли танловлар ўтказилди. Ташриф сўнггида ҳар бир тарбияланувчига ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали томонидан ташкиллаштирилган совғалар улашилди. Болажонларнинг кўзида завқ-шавқ ҳар бир ташриф буюрган ходимнинг қалбида ўзига хос бир туйғуни уйғотди.

Бундай ташрифлар ҳар доим инсонни эзгуликка ва мурувватга етаклайди. Аслида, бу каби ташрифлар ҳар доим ўтказилиб борилиши ва болажонларни тарбияланишида ҳар биримиз фаолроқ бўлишимиз лозим. Зеро, меҳрибонлик инсонни етукликка етаклайди ва биз бунда масъулмиз.

Умумтаълим фанлар кафедраси мудири в.б. А.Х.Арипова

 

Улашиш:

Тег: Янгиликлар