МУБОРАК ВАТАННИНГ МУҚАДДАС ТИМСОЛИ

Ўзбекистон байроғи – юртимнинг муқаддас тимсоли! Мен унга ҳеч бир вақт олис юртларда туриб илҳақ бўлмадим, соғинчдан ўртанмадим. Мен деярли ёт элларда бўлганим йўқ. Ҳар доим юртимдаман. Ватаннинг бу улуғвор тимсоли учун ҳеч қандай каромат ҳам кўрсатганим йўқ. Дунёга унинг номидан бир сўз айтиш ҳам шу пайтгача қўлимдан келмади. Бироқ шу юртга дахлдор бир инсон, бир фуқаро сифатида унга меҳрим баланд. Кўзим тушганида нигоҳларим-ла эркалаб, аллалашим ҳақиқат.

Бир кун тунги вақитда хизматдан уйга қайтяпман. Пойтахтнинг марказий кўчалари бўм-бўш, йирик-йирик лайлак қор ёғиб турган гўзал бир кеча. Шу пайт машина ичидан Олий Мажлис биноси тепасида улуғвор ҳилпираб турган байроққа кўзим тушди. Қор учқунлари билан янада ёришиб кетган оппоқ ойдин кечада у шунчалар улуғвор, виқорли эдики! Йиллар ўтса-да у шу ҳолида кўзларимда қолди. Иссиқ ёз кечаларида, ёмғирли тунларда, чароғон кунларда ҳам у кўз ўнгимда юксакка бўй чўзган ўша улуғвор ҳолида пайдо бўлади. Дунёда у каби яна бир байроқнинг бўлиши мумкин эмас! Чунки у менинг байроғим, у сизнинг байроғингиз, у она Ўзбекистоннинг байроғи.

«Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида «Ўзбекистон Республикаси ўз тараққиёт йўлини, ўз номини аниқлайди, ўз давлат рамзларини: герби, байроғи, мадҳиясини таъсис этади, ўз давлат тилини белгилайди. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзлари муқаддасдир ва уларни ҳар қандай таҳқирлаш қонун билан жазоланади», деб белгилаб қўйилган.

Ушбу қонуний асосга биноан 1991 йил 18 ноябрда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Ҳа, ўша унутилмас, ҳаяжонли кунлардан буён ҳам кўп сувлар оқиб ўтди. Давлатимиз байроғи илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси қошида тенглар ичра тенг бўлиб ҳилпираган кунлар ёди ҳамон қалбларни тўлқинлантиради.

Ўзбекистон тарихининг янги саҳифалари бошланган ўша кунлардан берига ҳам бир навқирон авлод шаклланди. Муборак мустақиллик, истиқлолдан баҳрамандликда улғайган бир авлод. Ҳар нарсанинг қиммати таққослашда яққолроқ кўринади. Бугун кўзларимизни қувнатиб юксакларда ҳилпираб турган она юрт байроғини улуғ халқимиз дардларининг малҳами бўлган дегим келади.

Узоққа бормайлик, яқин ўтмишимизда, 80-йилларда юртимиз бошига тушган қора кунларни эсланг. Катта авлод бу кунларни ўз кўзи билан кўрди, бошидан ўтказди. Аждодлари дунё тамаддунини белгилаган улкан бир халққа, миллатга «пахта иши» деган тавқи-лаънат илинди. Касалхоналар хаста гўдаклар билан тўлди. Аёллар жонларига даҳшатли тарзда қасд қилиш ҳоллари юз берди. Бундай ҳолат энг оғир очарчиликлар, урушларда ҳам юз бермаганди. Улкан салтанатнинг мақсадсиз урушларидан юртга темир тобутлар кела бошлади, тўрт мучаси соғ кетганларнинг айримлари мажруҳ ҳолда қайтдилар. Тинч жойлардан ҳам темир тобутлар келди.

Булар шунчаки ўтмиш эмас, булар бугуннинг қийматини, истиқлол қийматини англатади. Бугун улкан ўзгаришлардан сўз очганимизда ҳеч нарса осонлик билан қўлга киритилмаганини ҳам ёдда тутишимиз зарур. Чунки мустақиллик эълон қилинганидан кейин ҳам ҳаёт бирданига яхшиланиб кетмади. Аммо буюк мақсад амалга ошган эди. Мамлакат осмонида эрк, озодлик байроғи ҳилпирай бошлади.

Ўзбекистон байроғи. Кўзларим севинчи, борлигим, ғурурим, орим, у! Уни, даставвал, халқаро спорт майдонларида она юртнинг шердил ўғил-қизлари танита бошлади, уларнинг ғалабаси шарафига юрт байроғи кўкка томон юксалди. У кўкларда ҳилпираб, қалбларимизни чексиз ғурур-ифтихорга тўлдириб, оламга Ўзбекистон деган жаннатмакон ҳур диёрни танитди.

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева шундай ёзган эди:

Юрт байроғин ҳар жойгамас,

Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.

Ишлов бергин, юмшатиб тур,

Илдиз отсин, кўрсатсин бўй.

То бу байроқ, Ватан, нурлар

Ич-ичингга кетсин кириб,

Токи ғаним – ватанхўрлар

Ололмасинлар суғуриб.

Шундай ўргат қулни, хонни,

Учмас қуш ҳам учар бўлсин.

То байроқдан олдин жонни

Бермак осон кечар бўлсин.

 Ҳа, бу буюк туйғу. Бу муборак Ватаннинг муқаддас тимсоли. Уни кўксингга қадаганинг он, қадри ҳам юксалади.

Кўкда ҳилпираган байроқ музаффарият белгисидир. Қадим-қадимдан қўшинларнинг зафарли юришлари ҳилпираган байроқлар остида ўтган. Байроқлар тарихидан сўз очилганида кўпчиликда буюк ватанпарвар аждодимиз шайх Намжиддин Кубронинг байроқдор бўлгани хусусида янглиш фикр борлиги аён бўлади. Бу янглиш фикр айрим зиёлилар томонидан газета-журналларда эълон қилинган мақолаларда ҳам учраши ачинарлидир. Бунга аниқлик киритиш учун Хуршид Давроннинг «Шаҳидлар шоҳи» тарихий-маърифий қиссасидан бир парчани келтирамиз: 

«Шайх уч қадамча нарида кўзлари даҳшатдан чақнаб ёнаётган, қўлида алвон байроқни ушлаб олган мўғул навкарига тушди. У хавф-хатарни писанд қилмай, байроқни баландроқ кўтаришга уринар, бу билан сафдошларини яна шиддат билан олға босишга ундамоқчи бўларди. Шайхнинг кўзида унга хос бўлмаган нафрат ва адоват учқунлари чақнади. У бирдан олдинга ташланди-ю, қиличини мўғул кўкрагига санчди. Туғбардор қулаб тушар-тушмас, кокилига чанг солди. Аммо туғбардорнинг ўлимини кўрган орқадаги мўғуллар уни камондан ўққа тутдилар. Новакларнинг бири шайх кўксини тешиб ўтди. Шайх: «Оҳ!» деди-ю, ерга қулади. У туғбардор кокилини қўйиб юбормасдан чап қўли билан кўксидаги новакни суғуриб олди, сўнг бутун кучини йиғиб душман байроғига чанг солди.

Мўғулларнинг бири жон берган шайхнинг қўлидан байроқни тортиб олишга уринди, аммо кучи этмади. Байроққа иккинчи мўғул ёпишди. Аммо шайх Кубронинг бармоқлари душман байроғини шундай куч билан қисиб турардики, душманлар бу куч олдида ожиз қолдилар. Байроққа учинчи, тўртинчи, бешинчи, еттинчи мўғул навкари ёпишди. Улар бараварига зарб билан тортган эдилар, байроқ йиртилиб кетди. Байроқнинг катта парчаси шайх панжасида ғижимланганча қолди.

Мўғуллар ғазабдан қутуриб шайх мурдасини тўрт ёндан қилич билан чопа бошладилар. Кейин яна мурда қўлидан ялов парчасини олишга уриндилар. Аммо шайх қўли омбирдек маҳкам қисилган эди. Охири мўғулларнинг бири – юзи чўзинчоқ, малларанг, кўса ўнбоши бошқа навкарларни четга суриб, калта қиличини даст кўтарди-да байроқ парчасини ғижимлаб турган бармоқларни мўлжаллаб бор кучи билан урди. Аммо қисилиб, муштга айланган бармоқлар тошдек қаттиқ эди, қилич сакраб кетди. Жаҳли чиққан кўса қиличини четга ирғитиб, белида осилиб турган ханжарини суғуриб олди ва сўкина-сўкина шаҳид бармоқларини қирқа бошлади. Бармоқлар қони силқиллаб ерга томчилай бошлади. Ниҳоят, мурда бармоқларидан озод бўлган байроқ парчасини олишга муваффақ бўлган мўғуллар чунон бақирдиларки, қилич чопқилашаётган ҳар икки тараф ҳам ҳайратдан қотиб қолдилар. Айниқса, ўнбоши бутун бир қалъани қўлга киритгандек, мағрур эди».

Бу парчада буюк ватанпарварлик акс этган. Улуғ аждодимиз, ўз даврида довруғи этти иқлимга этган Шайхи Валитарошнинг Хоразм қатлиомида ёғий яловини тутиб ҳалок бўлгани тарихий манбаларда мавжуддир. Унинг ҳақида ҳазрати Жалолиддин Румийнинг ўлмас сатирлари бор. Шунингдек, бу парчада байроқнинг қўшин учун нечоғли улкан аҳамияти борлиги ҳам кўрсатилган. Мўғул жангчисининг шодон ҳайқириғи бежиз эмас. Кунпаякун байроқ – кунпаякун қўшин демак.

ЁЗНИНГ ЭНГ ЯХШИ ҲИКОЯСИ

2019 йил ёзги таътилда Шаҳрисабздан тўққиз яшар жияним бизникига меҳмон бўлиб келди. Уни Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари билан таништиришни ўзим зиммамга олдим. Тафсилотларга берилмаймиз. Асосий воқеага тўхталамиз. Ўқув йилининг илк кунидаги қувончли хабар олис Янгиобод қишлоғидан бизга етиб келди. Жияним бошланғич синфлар ўртасидаги «Ёзнинг энг яхши ҳикояси» танловида ғолиб бўлибди. Биз учун танловнинг даражаси муҳим эмас. Муҳими унинг мавзуси!

Тўққиз яшар Саидазимхон «Ашхабод» сайилгоҳи яқинидаги жуда-жуда баландда худди яқингинада тургандек ҳилпираши, ранглари кўзни оладиган БАЙРОҚ – байроғимиз ҳақида ёзган экан.

Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси. Агзам Мирзаев

Улашиш:

Тег: Янгиликлар