Навоийни теран англаб

 

Навоийни теран англаб...

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрдаги  ПҚ-4865-сон “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги   қарори буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий меросини чуқур ўрганиш ҳамда  улуғ шоирнинг шеърий ва насрий асарларини ўсиб келаётган ёш авлодга ўргатиб, уларда юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятлари, бутун жозибаси ва латофатини сингдириб, ушбу хислатларни ёш китобхонлар қалбига муҳрлаш мақсадида қабул қилинди.

Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш – бугунги куннинг муҳим вазифаларидан саналади.

Aлишер Навоий - XV асрнинг буюк туркий шоири, мутафаккири, жамоат ва давлат арбоби. У форсий, араб ва туркий тилларида ижод қилган таниқли ёзувчи сифатида тарихда из қолдирди. Туркийзабон ижодкор туфайли маданиятлараро муносабатларда Навоий кўплаб Марказий Осиё халқлари адабиётининг етук аждоди ҳисобланади. Алишер Навоий миллий  - ўзбек адабий тилининг асосчиси, икки тиллик ижодкор сифатида тарихда ўз номини муҳрлади. У туркий тилда Навоий тахаллуси остида (таржимада "оҳангдор мусиқа") ва форсийда Фоний ("ўлик" деган маънони англатади) номи билан танилган. Навоий ҳаёти давомида 3000 дан ортиқ ғазал (лирик шеърлар) ёзган, кейинчалик улар махсус тўплам - девонларга бирлаштирилган.

Алишер Навоийнинг энг машҳур асари - "Хамса" форс шеъриятининг мумтоз вакили Низомий Ганжавийнинг ижодига ҳурмат сифатида ёзилган асарлар сирасига киради. Алишер Навоий ҳам илм, ҳам маърифатда нозик фикрларни қолдирган даҳо. Навоий илм инсоннинг энг гўзал ва зарурий фазилатларидан бири, ҳар бир кишининг энг муҳим бурчи илм олиш эканлигини эътироф қилган. Навоийнинг фикрича, илм-фанни пухта эгаллашда ҳар бир униб ўсиб келаётган ёш авлод астойдил ўрганиши лозим: “Ёшлигингда йиғгил билимни, қаригач сарф қилғил ани”, дейди Навоий. Алишер Навоий ёшлигиданоқ кўп шеърларни ёд олган,  жумладан, Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” (“Қуш нутқи”) асарини болалик чоғларидан қайта-қайта ўқиб, эркин равишда ўқиб берган. Алишер Навоий нотиқлик масалаларига ҳам катта аҳамият бериб, ўз даврида бир неча ҳужра-мактабларини очиб, у ерда таълим олувчиларга ғамхўрлик қилган. Алишер Навоий Астрободда юрган кезларида подшо Ҳусайн Бойқарога ўғил ва қиз болалар учун мактаблар очиш таклифида номалар жўнатган, шахсан ўзи мадрасалар қуришда ташаббус кўрсатган. Навоийнинг фикрича, илм халққа нур келтиради, унга тўғри йўл кўрсатади, шу сабабдан ўсиб келаётган авлодни билимли қилиш учун бир неча бор уринади. У ўзининг “Ихлосия” мадрасаси ёнида мактаб очиб, болаларни ўқитиш ва тарбиялаш учун зарур шароит яратган, бунинг учун лозим бўлган маблағ ҳам ажратган.

Шоир туғилган куни санасини адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш ҳам – унинг илм ва маърифатга қўшган ҳиссаси учун бир эҳтиром вазифасини ўтайди. Улуғ сўз санъаткорининг асарларини ўрганиш, ёш навоийшунослар тўгарагини ташкил қилиб – ёшларга шоирнинг мукаммал асарлари тарихи ва мазмунини ўргатиш миллий юксалишга бўлган бир қадам сифатида ҳаракат саналади.

Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Алишер Навоий таълим-тарбия тўғрисидаги фикрларини кўпроқ баркамол инсонни ифодаловчи ижобий образлар яратиш орқали баён қилган. Илм-маърифат, ахлоқ-одоб масалаларига доир фикрлари - илмий-фалсафий ва дидактик асарларида ўз ифодасини топган. Буюк сўз санъаткори ва мутафаккири Навоий бир қанча асарларида ёшлар тарбиясига оид фикрларини ифодалаб кетган, жумладан унинг  “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби достонлари  фалсафий-таълимий достонлар сирасига киради. Навоий бу асарларида ўзининг фалсафий, ижтимоий-сиёсий ҳамда кишиларга таълим ва ўгит бериш масалаларига катта эътибор берган. Достонда ёвуз хислатлар қораланиб, иккиюзламачилик, риёкорлик ҳолатлари кескин фош этилган. Хусусан, Навоий сахийлик, одоб ва камтаринлик, ота-онага ҳурмат, ростгўйлик ва тўғрилик, илмнинг фойдаси ва камтарлик хислатларини тараннум этади. “Ҳайрат ул-аброр” асарининг бир неча боблари одоб-ахлоқ ва таълим-тарбия масалаларига бағишланган. Навоий бу достоннинг олтинчи мақолотида одоб ва камтарликни улуғлаб, таълим-тарбияга доир қимматли фикр-мулоҳазаларини баён қилган. Бу асарда такаббур ва одобсиз кишилар қораланган. Шоир достоннинг мақолотида ёш авлод тарбияси, уни ўстириш, ўқитиш ва балоғатга етказиш ҳамда бу борада ота-оналарнинг вазифалари ҳақида батафсил фикр юритган. Шоир ёшларни ота-онанинг хизматини бажаришга, уларни ҳурмат қилишга, уларга нисбатан ҳамиша меҳр-муҳаббатли бўлишга чақиради ҳамда ота-онани ой ва қуёшга тенглаштириб нисбат беради. Жумладан: “Бошни фидо айла ато қошиға, жисмни қил садқа ано бошиға…” дея ота ва онага ҳурмат билан таъзимда бўлишлик ҳамда “Тун-кунунгга айлагали нурпош, бирисин ой англа, бирисин қуёш…” деб кеча ва кундузда ой ва қуёш каби муқаддас инсонлар яқинларингиз дейди.

         Бугунги кунда ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жамоат хафсизлигини таъминлаш борасидаги энг катта муаммоларимиз – бу ўсмир ёшдаги, вояга етмаган ёшлар ўртасидаги содир этилаётган кўнгилсиз воқеалар замирида айнан ота-оналар томонидан болаларнинг тарбияланмаслиги, бунда таълим муассасаларида ҳам баъзан одоб-ахлоқ масалаларига юзаки қараш сабабли – болалар ўзлари мустақил равишда қайси йўлдан боришни билмаган ҳолда ножўя ҳаракатларни содир этмоқдалар. Агарда оилада, таълим муассасаларида улуғ аждодларимиз ёзиб қолдирган мулоҳазалар, панд-насиҳат ва таклифларни ўрганиб, ўсиб келаётган ёшларимизга ўргата олсак, келажакда илмга интилувчан, билимли ва идрокли авлодни шакллантира оламиз. Бунинг учун эса албатта буюк даҳоларимиз ёзиб қолдирган асарлар бизга – дастуруламал вазифасини ўташи кундек равшан.

 

А.Х.Арипова,

                                                                                                                                                                                                              ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали

Умумтаълим фанлар кафедраси

мудири, ф.ф.н., PhD

 

Улашиш:

Тег: Янгиликлар