ОЛИС ЮЛДУЗ ШУЪЛАСИ

 

              Ҳар бир миллат толеига бир ёки бир неча шундай улуғ фарзандлар туғиладики, улар буюк ғайрати, мислсиз иродаси, теран ақл-идроки ва ибратли ахлоқ-одоби билан халқнинг ифтихорига айланадилар. Ҳазрат Алишер Навоий халқимизнинг ана шундай бетимсол даҳосидир.

             Навоий ҳазратларидан бизга жуда катта адабий ва абадий мерос қолди. Унинг ҳар бир асари ва ғазалини мутолаа қилар эканмиз, буюк шоирнинг ҳақиқий авлиё инсонлигига бот-бот амин бўламиз. Жумладан, адибнинг “Фарҳод ва Ширин”  достонида яъжужлар ва темир одамлар ўртасидаги жанг тасвирланади. Бундан ташқари, Фарҳод сандиқдаги ойнага қараганда кўзгуда қандайдир бир юрт, тоғ кесиш билан машғул одамлар, ўзининг ҳам ариқ қазиётганини ҳамда Ширинни кўради. 

             Ажабо! Бу икки ҳолат орадан беш аср ўтгач рўё бўлди: таърифланган темир одамлар ҳозирги роботлар бўлса, турли воқеа-ҳодисаларни ўзида акс эттирувчи кўзгу телевизор, яъни ойнайи жаҳондир. 

            Шунингдек, шоирнинг

        Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,

        Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил, –

деб бошланувчи ғазалини ўқиганимизда эса, бевосита светофорни ёдга оламиз. Бугунга келиб, светофорда қизил, сариқ ва яшил рангларнинг жамланганлиги ҳам Навоийнинг авлиёсифат шоир эканлигидан, яъни келажакни олдиндан кўра билувчи мутафаккирлигидан далолатдир.

             Алишер Навоий инсонийлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик ғояларини бетакрор санъаторлик билан тараннум этган буюк ижодкордир. Шу жиҳатдан  у жаҳон адабиётининг энг ёрқин сиймолари Ҳомер ва Данте, Рудакий ва Фирдавсий, Низомий ва Саъдий қаторидан муносиб ўрин олган. Улуғ озарбайжон шоири Фузулий Алишер Навоий ижодига юксак баҳо бериб, уни “Султони салотини шуъаро” деб атагани бежиз эмас. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам бу улуғ инсон ҳақида қуйидагиларни айтади: “Мутафаккир шоиримизнинг  “Одамий эрсанг, демагил одами,   Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами”, деган сатрларида қанчалик чуқур маъно бор. Яъни бу дунёда инсонларнинг  дард- у ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг оилй мезонидир. Халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб уқтирмоқда улуғ бобомиз”.

             Кўряпмизки, сўз соҳибқирони , улуғ ижодкор, авлиё бобомиз ҳазрат Навоий асарларида илгари сурилган ғоялар, таърифланган образлар ва деталлар ҳозирги замон учун ҳам бирдек тааллуқли ва ўринлидир.  Демак, олис юлдуз даврлар ўтган сайин тобора ёрқин шуъла таратмоқда ва биз авлодлар шу юлдуз шуълалари кўмагида фахр-ифихор-ла  нурли келажак сари йўл олганмиз.  Ушбу нурли йўлимизни ҳамиша ёрқин шуълалар ёритиб тураверсин!

Улашиш:

Тег: Янгиликлар