Судлар фаолияти мустақиллиги янада кучайтирилади

Маълумки, давлатимиз фуқаролик жамиятини барпо этиш сари илдамлаб қадам босаётган экан, бу борада мамлакатда одил судловни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Нафақат ҳозирги кунда балки
азал-азалдан суд жараёнларида адолат, одилликни таъминлаш муҳим вазифа саналган бўлиб, ҳозирги одил судловни таъминлаш борасидаги ислоҳотлар бундай ёндашув ўз актуаллигини йўқотмаганидан далолат беради. Юртбошимиз таъбири билан айтганда судлар чин маънода адолат масканига айланиши учун судъяларни мустақиллигини таъминлаш энг муҳим вазифадир. Асосий қонунимизнинг 122-моддасига назар ташласак, судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсунишлари ва фаолиятини фақат қонуний ташкил этишлари, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби муҳим қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Таъкидлаш лозимки, суд ҳокимиятига бошқа ҳеч қайси орган ваколатига тааллуқли бўлмаган
ҳуқуқ - одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги судъялар мустақиллиги ҳамда дахлсизлигини таъминлаш ўта зарур эканлигининг том маънодаги мустаҳкам асосидир. Бундай улкан вазифа аллақачон янги Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсадлардан бири бўлиб, бу тизим фаолиятини адолатли ташкил этилиши юзасидан қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Хусусан, “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони имзолаганлиги ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Мазкур Фармон орқали суд органларининг мустақиллигини ҳамда судъялар дахлсизлигини таъминлашга, суд тизимини малакали ва ҳалол пок кадрлар билан тўлдиришга, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишга, суд тизимида коррупциянинг олдини олишга қаратилган давлатнинг муҳим сиёсати йўналишлари, давлат органлари ва масъул шахсларининг бу борадаги вазифалари, яқин келажакда суд-ҳуқуқ фаолиятини коррупциявий нохуш ҳолатлардан мутлақо халос қилиш каби дастурий ишлари аниқ белгилаб берилди.

Судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи омиллардан муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш, судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш ва лавозимга тайинлаш, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, тизимдаги коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш, шунингдек, юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш каби устувор вазифалар белгиланди.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 февралдан бошлаб суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини интернет орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш, судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни жорий қилиш, судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни амалиётга татбиқ этиш каби дастурий ишлар амалга оширилиши назарда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, бундай ислоҳотларни амалга оширишдан ва аниқ вазифаларни белгилашдан кўзда тутилган асосий мақсад суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашдир.

Шунингдек, Фармонда судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш масалалари ҳам назарда тутилган бўлиб, унга мувофиқ «Ибратли судья» мукофоти ҳамда одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишони жорий этилади. Олий суд кенгаши томонидан бир ой муддат ичида бундай раҳбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланади. Мукофотлашнинг бундай механизми суд фаолиятида очиқлик ва шаффофлик қарор топишида дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишларнинг самарасини ҳаётимизнинг турли жабҳаларида кўриш мумкин. Бироқ ҳали-хануз бу тизимни мутлақ шаффоф, коррупциявий ҳаракатлардан ҳоли деб айтишда иккиланамиз. Шундай экан, қабул қилинган мазкур Фармон суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш каби аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб беради. Бу эса ўз навбатида судъяларнинг мустақиллигини ва уларнинг дахсизлигини таъминлаш билан одил ва шаффоф суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришга ташланган муҳим қадам сифатида эътироф этилади десак, асло муболаға бўлмайди.

Зеро, судларнинг адолат масканига айланиши жамият ҳаётида, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришда, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Тошкент давлат юридик университети

Ихтисослаштирилган филиали

ўқитувчиси Пўлат.Қобилов раҳбарлигида

 

Тошкент давлат юридик университети

Ихтисослаштирилган филиали

2- босқич талабаси Сабина Баратованинг

муаллифлик мақоласи

Улашиш:

Тег: Янгиликлар