ТИНЧЛИКНИНГ ЭҲСОНИ ЧЕКСИЗ.

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали Умумтаълим фанлари кафедраси ўқитувчиси Алланазарова Мамура Ахмедовна

ТИНЧЛИКНИНГ ЭҲСОНИ ЧЕКСИЗ.

      Яқинда  давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 25 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

   Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли    бўлади.

      Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган бўлиб, у халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли ҳисобланади. Байроқдаги тўқ мовий ранг мангу осмон ва обиҳаёт рамзи бўлиб, бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. 
Оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, поклик, беғуборлик, софлик, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. 
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи
Қизил чизиқлар эса томиримизда жўшиб оқаётган аждодлар қони — ҳаётий қудрат, барқарорлик ва бардавомлик нишонасидир. 
Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ бўлиб, у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи саналади. 
 

     Яхши гап  ҳамиша кўнглимизда варақланади.  Яқинда Давлат байроғимизнинг 25 йиллик тўйини тантана қиламиз. Айни кунларда таълим муассасаларида,жамоат ташкилотларида байрамга тайёргарлик аллақачон бошланган.  Юқорида айтганимдек, яхшилик бор жойда инсонга ҳурмат, юртга садоқат  кучли бўлади. Қисқаси,  маданият қалбнинг озуқаси бўлиб дилимизни яйратади.

       Эзгулик излаган одам  аввало ўзлигини топади. дейишарди устозларимиз.  Биламизки, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодаги кўриниши билан қалбимизни завқлантиради.

       Байроғимиз  узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Бугун ана шу дилга яқин ҳароратли сўзларни набираларимизга  худди эртак каби ҳикоя қилмоққа қийналмаймиз. Назаримда,юрт фахри бўлмиш Ўзбекистон байроғини   зафарли йўлини  ёш оналаримиз  жажжи дилбандларига тўлиб -тошиб  ҳар куни ҳикоя қилиб беришса, фойдали машқлардан бири бўлар эди.  Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилганлиги, унинг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган ҳолатини тушунтириб беришнинг ўзиёқ, заминимизга бўлган меҳр- муҳаббатнинг бир маҳсули бўлиб бола қалбига кўчади. Оиладаги бундай маънавият сабоқлари янги авлод қалбини Ватан муқаддаслиги ҳамда байроқ ҳақидаги садоқат рамзи бўлиб бола хотирасида,  қолади.

      Қаҳрамон ғалаба жарчиси бўлганидек, Ўзбекистон байроғи ҳам бизнинг ғурур ва фахримиз тимсолидир. Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қувончимиз чексиз, негаки, қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди,  қалбимизда  Ватан муҳаббати, шижоати, жўш урмоқда. Шубҳасиз, осмонга  кўклигу, ерга яшиллик ярашганидек, заминимизга, озод ва обод Ватанимизга  — Ўзбекистоннинг байроғи  бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъала бўлиб порлаб турибди.

     Хар бир халқнинг давлат рамзлари унинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.

     Ер юзидаги  икки юздан ортиқ давлатларнинг ўз рамзлари, байроғи бор. Ҳар бир байроқ турли ранг ва  ўз тимсолларга эга. Байроқларни ҳар бир миллат англашимча, тинчлик тимсоли. адолат мезони деб билади.  

      Албатта. орзуларимиз ижобати тинчликда яшайди. Ахир беқиёс тинчлик келажакнинг ободонлиги, осойишталигимиз онаси-да!  Қадимдан ҳар бир халқ учун озодлик, ободлик ва  мустақиллик, ҳурлик, тинчлик,  барқарорлик асрий орзу бўлиб келган. Чунончи, тарих саҳифасидаги битикларни ҳеч ким,  ўчира олмайди.  Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билганлар.  Уни кўз қорачиғидек асраганлар. 

 Ота - боболаримизни хотирлаб туриш муқаддас иш албатта. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик,  аждодларимиз учун ҳам озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. У даврларда ҳам байроқ машъала вазифасини ёритиб. жангу- жадалларда миллат фахрини кўз- кўз этган. Балки шундандир, миллат байроғи,  жондек азиз-у, нондек мўътабарлиги. .

...Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради…

Ўзбекистон байроғи!. У тарихнинг юрак дафтарига ёзилган хотира!  Жафокаш халқимиз  бошига мусибат тушган даврлари — ўтган аср бошларини ёдимизга солади.  Аслида хотира- бир авлодни иккинчи авлодга уловчи кўприк.

Э, воҳ! Ўшанда  Ватан байроғини тутган қўллар қайрилди, озодликни куйлаган овозлар бўғилди…Алғов- далғов замонлар экан. Боболаримиз хавотирда ётдилар, кўрпаларида тиканлар унди. Миллатимиз  фидойилари «халқ душмани», «қулоқ», «сотқин» деган қора номлар билан таъқибга олинди.  Бундай ноҳақликлар, зўравонликлар натижасида дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ оми, саводсизга чиқарилди. Қиличнинг нияти ёмон бўлганидек, уни доимо ғилофда сақлаганлар. Аждодларимизга қарата айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди.  Халқ тинчини бузган омон қолмайди дейилгани рост экан. Ватандошларимиз жасорати, тинчликнинг эҳсони чексиз бўлди, Одамзотнинг тинчлик сўраб ҳайқиришига йўл очилди. Белини маҳкам боғлаган,  миллатни эрк ва озодлик байроғи бирлаштирди.

    Бугун шонли йўлни босиб ўтган.  аждодлар орзу-армони акс этган  ҳар бир рангда мен  халқимизнинг бугуни, муқаддас  хотираси, иймон-эътиқоди ҳамда  келажакка бўлган комил ишончини кўраман.

Улашиш:

Тег: Янгиликлар