ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ ВА ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА ФУҚАРОЛИК ҚОНУНЧИЛИГИ КОНЦЕПЦИЯСИ АСОСИДА ФАОЛИЯТ

А.Х.Арипова

Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Умумтаълим фанлар кафедраси мудири в.б., ф.ф.н., PhD

Телефон: +998973440083

mumtozim@mail.ru

Аннотация: Ушбу мақолада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида иш юритиш моҳияти таҳлил қилиниб, фуқаролик қонунчилиги нормаларининг муҳим ахлоқий принцип ва маънавий меъёрлари ҳақида сўз юритилган.

Калит сўзлар: фуқаролик қонунчилиги, концепция моҳияти, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик,  коллизион боғланиш, ҳуқуқий бўшлиқ.

Ўзбекистон Республикасида фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш қоидаларини белгиловчи энг муҳим кодификация қилинган қонун ҳужжати - Фуқаролик кодекси бўлиб, фуқаролик қонунчилиги ҳужжатлари тизимида марказий ўринни эгаллайди. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни либераллаштириш, иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатлари ҳимоясини кучайтириш, тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича биринчи даражали мақсад ва вазифалар белгиланган.

Унга кўра Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган мақсад ва вазифаларга эришиш, шунингдек фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш мақсадида, асосий йўналишларни назарда тутувчи Ўзбекистон 

Республикаси фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси ишлаб чиқилган. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида кадрларни тайёрлашда  фуқаролик қонунчилигини мувофиқлаштирувчи асосий йўналишларни тўлақонли равишда таҳлил қилиш, унинг мазмун-моҳиятини тушуниш муҳим вазифалардан бири саналади:

                                                   

Мазкур концепция моҳиятини тўлақонли тушунишлари ва соҳа йўналиши асосида қўллашлари қонунчилигининг такомиллаштирилишида катта аҳамият касб этади. Концепцияни жорий қилиниши натижасида иқтисодиёт янада либераллаштирилиб, ҳуқуқий асослар яратилади; иқтисодиётда давлатнинг иштироки қисқаради; мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилиб, иқтисодиётда хусусий мулкнинг устувор роли таъминланади; ишбилармонлик муҳити ва инвестицион иқлим яхшиланади; мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрни ошади.

Фуқаролик қонунчилиги нормаларини унификация қилиш ва тизимлаштиришни йўлга қўйилиши негизида соҳа йўналишида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи фуқаролик қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва коллизиялар бартараф этилади.

Фуқаролик-ҳуқуқий институтларини такомиллаштириш асосида жамият, халқаро стандартларнинг ахлоқий принцип ва маънавий меъёрларини инобатга олган ҳолда фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг амалдаги принциплари такомиллаштирилади ва янгилари жорий қилинади. Бунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳа вакиллари ахлоқий принцип ва маънавий меъёрлар - «виждон тозалиги», «поклик», «ҳалоллик», «меҳнатсеварлик», «ҳақиқатгўйлик», «оқиллик» ва «холислик» каби  принципларни инобатга олган ҳолда ўз фаолиятлари доирасида иш юритишади.

Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик институтини такомиллаштирилиши эса, жумладан, зарарни қоплашнинг адолатли тартибини таъминлашга хизмат қилади. Суғурта ва  ўзаро суғурталаш институтини ривожлантирилиши учун ихтиёрий бадаллар инвестициясидан доимий даромад олишни назарда тутувчи шарт-шароитлар яратилади, оилада эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномаси ва мерос шартномасига оид қоидалари киритилиб, мерос қолдирувчи ва меросхўр кредиторларининг ҳимояси кучайтирилади, меросни қабул қилиб олиш муддатлари белгиланиб, мерос ҳуқуқи такомиллаштирилади.  Халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини қайта кўриб чиқилиши асосида турли мамлакатлар ҳуқуқларини муқобил қўллаш принципи мустаҳкамланиб, мажбурият мазмунини тартибга солувчи ҳуқуққа ҳавола сифатида қўшимча муқобил коллизион боғланиш имконияти яратилади.

Бугунги кунимизда замонавий шароитларда талаб юқори бўлган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишнинг инновацион шакллари ва таомилларини жорий этиш асосида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда ахборот-коммуникация технологияларини қўллашнинг ҳуқуқий асослари  шакллантирилиб, крипто-активлар айланмаси йўлга қўйилиб, шахси кўрсатилмаган маълумотларнинг сезиларли массивларини («big data») йиғиш ва қайта ишлашни ҳуқуқий тартибга солиш, электрон тижоратдан фойдаланиш, электрон майдончалар орқали харидларни амалга ошириш бўйича имкониятлар кенгайтирилади. Ва бу ишларни тўлақонли амалга оширилишида ҳар бир соҳа вакилларининг масъулият билан ёндашуви талаб этилади. Бу ўринда, айнан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминловчи юристлар меҳнати  ишончли фуқаролик-ҳуқуқий вазифаларни амалга оширилиши ва ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Умуман олганда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминловчи юристлар ўз фаолиятлари доирасида қонун ҳужжатларини мукаммал билишлари ҳамда тўғридан-тўғри, қўшимча тушунтириш ва талқинларсиз ўз соҳаларида қўллай олишлари лозим. Аммо ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, биринчидан, қонун нормалари билан барча нарса ҳал бўлмайди ва унинг воситасида вужудга келаётган ҳамма ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг имкони йўқ, қонунни тўлдирувчи, аниқлаштирувчи қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар зарур; иккинчидан, фуқаролик қонунчилиги нормалари кўп ҳолларда узил-кесил, унданда кўпроқ диспозитив хусусиятга эга, баъзи ҳолатларда эса бошқа қоидаларга ҳавола қилинади ва юқорида санаб ўтилган сабаблар туфайли вужудга келган саволлар, изоҳлар ва асослантиришга муҳтождир.

Фуқаролик-ҳуқуқий фаолиятни, яъни фуқаролик билан боғлиқ масалалар ечимида соҳа вакилларининг иш жараёнига жалб қилиниши асосида иштирокчилар ҳолати, ҳуқуқи ҳимояси масаласи  вужудга келади ва уни амалга оширишда,  соҳа вакилларининг мажбуриятлари асосий қоидаларни белгилайдиган муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқ меъёрларига таянади.  Нормаларни тўғри фарқлаш ва тушуниб етиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фуқаролик-ҳуқуқий фаолият моҳиятини тўғри  шарҳланишининг зарурати шундаки, фуқаролик қонун ҳужжатлари ҳар қандай таракқий этган ҳуқуқ тизимининг асосий, таянч қисми бўлиб, уни тўғри тушуниш ва қўллаш фуқаролик жамиятининг зарурий элементи ва уни ривожланишининг шартидир. Фуқаролик-ҳуқуқий фаолият мобайнида пайдо бўладиган турли ҳодиса ва ҳаракатларни тартибга солиш усулларини аниқлаш учун тегишли ҳуқуқий нормалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқ институтларини танлаш асосида бўлғуси соҳа мутахассислари ўз фаолиятлари кўламини чуқур англаб, ҳуқуқбузарликни бартараф қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда таянч соҳа учун етук мутахассис бўлиб етишишади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

1. Инсон ҳуқуқлари умумий назарияси: ИИВ тизимидаги таълим муассасалари тингловчи ва курсантлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ходимлари учун дарслик. — Т., 2012. — 304 б. Масъул муҳаррир: юридик фанлар доктори, профессор А.Х. Саидов

2. Фуқаролик қонун ҳужжатларининг асосий негизлари. https://lex.uz/m/acts/111189

3.  Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига шарҳ. 1-жилд (биринчи қисм) Адлия вазирлиги.  –  Т.: «Vektor-Press», 2010.– 816 б. https://www.osce.org/files/f/documents/8/7/74875.pdf


Улашиш:

Тег: Янгиликлар