Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кадрлар тайёрлаш тизимига оид конференция!

“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимида ҳарбий хизматтайёргарлигининг аҳамияти” мавзусидаги онлайн Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу конференция жорий йилнинг 4 июль куни Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали Касбий-жанговар тайёргарлик кафедраси томонидан ташкиллаштирилди.

Тадбирдa Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг кадрлар тайёрлаш тизими маъсуллари; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси, ФВВ Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси ва Махсус бўлинмалар ўқув маркази, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ва Ихтисослаштирилган ўқув маркази, шунингдек айрим олий таълим муассасалари ҳарбий кафедраларининг профессор-ўқитувчилари ва ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиалининг раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари, ходим ва талабалари иштирок этди.

Ҳарбий хизмат тайёргарлиги доирасида машғулотларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва ўтказиш, шунингдек, ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари бўйича тажриба алмашиш, янги 2020/2021 ўқув йилида ўқув-тарбиявий жараённи самарали ташкиллаштиришга ҳар томонлама ва сифатли тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилган ушбу анжуманда соҳа мутахассислари мавзу доирасида турли маъруза ва тақдимотларини тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола қилишди.

Жумладан,
Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари кадрлар бўлими бошлиғи, подполковник
Остонақулов Шавкат Тоштемирович “Ҳуқуқни
муҳофаза қилиш тузилмалари учун кадрларни тайёрлаш тизимида ҳарбий хизмат
тайёргарлигининг роли ва ўрни: муаммолар, таклифлар ва тавсиялар” мавзусида;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Ҳарбий-техника институтининг Умумҳарбий фанлар кафедраси бошлиғи, доцент, полковник
Муродов Баҳром Мурод ўғли“Бўлажак
офицерларни таълим жараёнида мутахассисликка йўналтиришнинг айрим масалалари” мавзусида;

ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиалининг Касбий-жанговар тайёргарлик
кафедраси мудири, полковник Шакиров Шухратжон Тахирович “Таълим беришнинг модул тизими
шароитида Ихтисослаштирилган филиалда ҳарбий хизмат тайёргарлигини
ташкиллаштириш масалалари” мавзусида;

Ички ишлар вазирлиги Академияси “Ҳарбий тайёргарлик”
кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Рустамов Махмуджон Туробжонович “Ҳарбий хизмат тайёргарлигининг
назарий ва амалий жиҳатлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошқарувни
ташкил этиш, назорат ва ҳуқуқий таъминот кафедраси ўқитувчиси, подполковник Жаникулов
Азизбек Базарбаевич “Жиноятнинг олдини
олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда фуқаролик ҳимояси масалаларининг
аҳамияти” мавзусида;

Миллий гвардиянинг Ихтисослаштирилган ўқув марказининг
тактик-махсус тайёргарлик кафедраси катта ўқитувчиси, заҳирадаги полковник
Усманов Шуҳрат Кабирович “Машғулотларни
ташкиллаштириш ва ўтказишнинг замонавий шакл ва услублари: тактик-махсус тайёргарлик
мисолида” мавзусида;

Ички ишлар вазирлиги Махсус тайёргарлик ўқув маркази
бошлиғи, т.ф.н., полковник Ахмедов Олимжон Турсунбаевич “Ихтисослаштирилган филиалда кадрлар тайёрлашда замонавий техника ва
алоқа воситаларини ўрганишнинг долзарб муаммолари мавзусида;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясининг “Ҳарбий санъат” кафедраси катта
ўқитувчиси, ҳ.ф.д., подполковник Ахмаджонов Ботиржон Алиджонович “Асосий ҳарбий фанлар бўйича машғулотларни
ташкиллаштириш ва ўтказишнинг ўзига хослиги” мавзусида маърузаларини тақдим
қилишди.

Конференция ўзбек ва рус тилларида, ZOOM платформасида
олиб борилди.

Маърузалар бўйича савол-жавоблар ҳам қизғин кечди.

Ушбу конференция ўз ишини муваффақиятли якунлади.

Конференция маърузачилари ва фаол иштирокчилари сертификат билан
тақдирланди. 

 

Улашиш:

Тег: Янгиликлар