ЮРАГИДА ЭЗГУЛИК ВА МЕҲР-ОҚИБАТ ТУЙҒУЛАРИ ЖЎШ УРГАН ЁШЛАРИМИЗГА... А.Х.Арипова ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали, Умумтаълим фанлар кафедраси мудири в.б., ф.ф.н. PhD ...Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда, сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват о

ЮРАГИДА ЭЗГУЛИК ВА МЕҲР-ОҚИБАТ ТУЙҒУЛАРИ ЖЎШ УРГАН ЁШЛАРИМИЗГА...

А.Х.Арипова

ТДЮУ Ихтисослаштирилган филиали,

Умумтаълим фанлар кафедраси мудири в.б.,

ф.ф.н. PhD

 

...Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда, сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлайман.

Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз ва азму шижоатингизга суянамиз... (Ш.Мирзиёев)

Жорий йилнинг 26 декабрь санасида Ўзбекистонда илк бор Ўзбекистон ёшлари форуми ташкил этилиб, унда Республика Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ёшларига қарата нутқ сўзлади. Ҳақиқатдан ҳам ёшларга бугунги кунда яратилаётган шароитлар, уларнинг барча соҳаларда собитқадам бўлишлари учун берилаётган имкониятлар – ҳавасга арзийди. Бениҳоя ортга қайтиб, “ёшлик нашидасини қайта ва қайта яшаб ўтсам эди, қанийди...” деган хаёл ўтади. Бу имкониятлар замирида барча соҳаларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар турганининг гувоҳи бўламиз.

Маълумки, бугунги ривожланиш пиллапоясида ҳар биримиз ўз олдимизга марраларни белигилаб олиб, “...Она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик”.

Албатта, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда ватанпарвар ҳамда жонкуяр ёшлар фаол иштирок этишлари ва ўз ҳиссаларини қўшишлари талаб этилади.

2020 йил давомида бутун дунёга тарқалган Коронавирус пандемияси шу ўринда ёшларимизнинг шижоати ва бирдамлигини намойиш қилди.

   ...“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида минглаб ўғил-қизларимиз кўнгилли сифатида фаолият олиб бордилар...

Президент ўз нутқида кўнгилли сифатида фаолият юритган ёшларга қарата шундай деди: “Юрагида эзгулик ва меҳр-оқибат туйғулари жўш урган ана шундай ёшларимизга, уларга таълим-тарбия берган ота-оналари ва устоз-мураббийларига бугун яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман..”.

Таълим – тарбия оиладан бошланади, шу ўринда кўнгилли сифатида ўз жонини таҳликага қўйиб,  халқимизга моддий ва маънавий кўмак бериш ишларида камарбаста бўлган ёшларимиз – оилада тўғри тарбия топган ва ана шундай шижоатли ота-оналарнинг фарзандлари эканлигидан далолатдир.

Йил давомида кўплаб тадбирлар, учрашувлар, анжуманларда ёшларнинг долзарб масалалари, реал ҳолатдаги муаммолари муҳокамага қўйилиб, тренинг кесимида  ҳал қилиш йўллари кўрсатиб ўтилди.

Ёшларга доир сиёсатни самарали амалга ошириш, уларнинг ижтимоий муаммоларини тизимли ўрганиш ва мувофиқлаштириш юзасидан кўплаб лойиҳалар таклиф этилди.

Президент Ш.Мирзиёев ўз нутқида ёшларимизни касб-ҳунарга ўрганишлари лозимлигини  таъкидлаб, “...ҳунарли киши хор бўлмас, дейди халқимиз. Устоз кўрган ўғил-қизларимиз домласига муносиб бўлишга интилади, ҳаётда уларнинг кўмаги билан ўз ўрнини топади. Шу боис, ҳудудларда “устоз-шогирд” анъанасини янада кучайтириш” таклифини берди.  Шу ўринда, ҳудудларда “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилиб, мазкур саноат зоналарида ёшлар ўз лойиҳаларини амалга оширишлари учун коворкинг марказлар жойлаштирилиши айтиб ўтилди.

Эндиги яратиладиган имкониятлар ёшларни ҳар томонлама билимли, дунёқараши кенг ва шижоатли бўлишига ундаши табиий, чунки ёшларимиз “...  Хоразмийлар, Фарғонийлар, Беруний ва Ибн Синолар, Улуғбек, Навоий ва Бобурлар, Бухорийлар ва Термизийлар авлоди...”, шундай буюк аждодларнинг давомчилари ўз билимларини мустаҳкамлаб, кашфиётлар қилишлари ва мамлакатимиз равнақи учун ҳисса қўшишлари лозим.

Юртбошимиз ёшларни билим олишга интилиши лозимлигини айтиб: “Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Сизлар мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб вояга етаяпсизлар. Юксак мақсадлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак”, деб таъкидлади.

Дунёда глобаллашув ва рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги вазиятда барча соҳаларда юксак билимли кадрлар  тайёрланиши ўта муҳим вазифалар сирасига киради. Мамлакатимиз тараққиёти учун ёшларни илм-маърифатли бўлишлари ва касб-ҳунарга ўрганишлари – келгусида ўз ҳосилини бериши аниқ. Зеро, ўзбек халқининг маънавий қудрати ва боқий қадриятларини асраб-авайлаш ва бутун дунёга ёйиш – бугунги ёшлар қўлида!

Улашиш:

Тег: Янгиликлар