“Юристнинг ёзма ва оғзаки мулоқот кўникмаси”

Ёзма ва оғзаки мулоқот ҳар қандай касб эгалари учун биринчи даражали зарурат ҳисобланади. Киши қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар бор билими ва маҳоратини мулоқот орқали намойиш қилади, шу орқали меҳнатини юзага чиқаради ва ҳурмат қозонади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4166-сонли қарорида “таълим олувчиларнинг аҳоли ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмаларини такомиллаштириш” вазифаси белгилаб қўйилган. Шу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Филиалда республика миқёсида олий таълим муассасаларида янги бўлган – “Юристнинг ёзма ва оғзаки мулоқот кўникмаси” фани ўқув дастурига киритилган.

ОТМларда бугунги кунда мавжуд “Нутқ маданияти” (“Ўқитувчи нутқи маданияти”, “Юрист нутқи маданияти” ва ш.к.) фанидан фарқли равишда мазкур фан бўлғуси кадрларнинг мулоқот маданияти шаклланишига ва ривожланишига амалий жиҳатдан эътибор қаратади. Маълумки, нутқ ва мулоқот тушунчалари ўртасида фарқ мавжуд: нутқ – кишиларнинг ўз фикрини ифодалаш воситаси бўлса, мулоқот – жонли жараён. Яъни мулоқот нутқни ҳам ўз ичига олувчи кенг тушунча.

Шахслар нутқ яратиш ва уни ифодалаш жараёнида нисбатан эркин бўлади: нутқни шакллантириш вақтида адабиётлардан фойдаланиш, фикрларини тартибга солиш учун танаффус қилиш, хулосалаш жараёнида маслаҳатлардан фойдаланиш каби имкониятларга эга. Бунга аксинча ҳодиса бўлган мулоқот эса жонли жараён эканлиги сабабли юқоридаги каби эркинликлар чекланган тарзда амалга ошади. Мулоқот жараёнида мулоқотнинг самарали кечишига таъсир кўрсатадиган – прагматиклик, ҳозиржавоблик, новербал воситалардан ўринли фойдаланиш, мулоқот иштирокчиларини ташхислай олиш каби томонларнинг нутқ туза олиш маҳоратидан кўра муҳимроқ факторлар мавжуд. Шуларни ҳисобга олган ҳолда фан “нутқ маданияти” эмас, “Юристнинг ёзма ва оғзаки мулоқот кўникмаси” деб номланган. Фан мазмун-моҳияти эса талабаларга икки асосий қисмга ажратилган ҳолда сингдирилади: ёзма мулоқот кўникмаси (кузги семестр) ҳамда оғзаки мулоқот кўникмаси (баҳорги семестр).

Пандемия шароитида олиб борилаётган онлайн таълим шаклида мулоқот кўникмасини шакллантиришга ноанъанавий тарзда ёндашув орқали маъруза ва семинар машғулотлари олиб борилмоқда. Анъанавий таълим жараёнида самарали ҳисобланган баъзи методлар (“кичик гуруҳларда ишлаш”, “беллашув” каби) техника билан ишлашни асосий планга қўювчи онлайн машғулотларда ўзини оқламайди (масалан, “гуруҳ бўлиб ишлаш” методи гуруҳ аъзоларига бир вақтнинг ўзида фикрларни ўзаро бўлишишга имкон ярата олмайди ёки кўп вақт талаб қилади). Шу сабабли талабаларга дарс машғулотларида фикрни қисқа ва лўнда ифодалашга ўргатадиган ФСМУ технологияси, фикрни тартибга солиш ва уни жадвалга тушира олишга ўргатувчи “Стратегик режа” каби методлар қўлланмоқда. Семинар машғулотларида талабаларнинг фаоллигини, фан доирасида билимларини намойиш қила олиш кўникмасини ошириш мақсадида нафақат ZOOM платформасидаги онлайн мулоқот тарзидаги дарсларда, балки Филиал масофавий таълим палтформасида, шунингдек, телеграм ижтимоий тармоғидаги фан доирасида очилган гуруҳларда ҳам фаол таълим жараёни йўлга қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, виртуал шаклда олиб борилаётган дарс машғулотлари юқори натижа ва самарадорликка эришишни мақсад қилган ҳолда ташкил этилмоқда.

 

 Эъзоза Сабирова

Умумтаълим фанлари кафедраси ўқитувчиси

Улашиш:

Тег: Янгиликлар