Жаҳон чемпиони билан онлайн учрашув

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали Тарбиявий ишлар бўлими томонидан “Ташаббуслар марафони” лойиҳаси доирасида онлайн учрашув ташкил этилди. Учрашув меҳмони Самбо бўйича тўрт карра Осиё чемпиони, Бутунжаҳон универсиадаси ғолиби, Жаҳон кубоги соҳиби, Кураш бўйича жаҳон чемпиони, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони ҳамда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби Акобир Қурбонов бўлди. Онлайн давра суҳбатида Филиал талабалари ва ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда учрашув меҳмони Акобир Қурбонов спорт соҳасидаги кўп йиллик фаолияти, эришган ютуқлари ҳақида гапириб берди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Хусусан, Филиалда таҳсил олаётган, спортда ютуқ ва зафарларга эришиб келаётган бир қатор талабалар спорт устасининг ғалаба сирларига оид фикрларини, маслаҳатларини тингладилар. Талабалар ҳам ўз мулоҳазаларини баён этдилар.

Тадбир сўнгида иштирокчилар спорт устасига миннатдорлик билдирган ҳолда юзма-юз мастер-класс ўтказиш таклифини ҳам билдиришди.

Филиал талабалари учун зарур бўлган жисмоний соғломлик ва бақувватликнинг асосий сабаби – спорт билан шуғулланиш. Шундай экан, талабаларни спорт билан шуғулланишга ундайдиган, уларни руҳлантирадиган бу каби учрашувлар кўпроқ ўтказилиши ўз самарасини амалиётда кўрсатишига ишонамиз!

Улашиш:

Тег: Янгиликлар